← Барча мақолалар

Ҳаётнинг биринчи ярми — ғалаён.

· 2 дақиқа ўқиш

Юрак ҳали ўзига тўғри келмас ҳислар билан тўлиб-тошган.
Севги дейсиз, орзу дейсиз, зўр яшаш, зўр кўриниш…
Ҳар бир қараш — муҳаббат, ҳар бир юрак уриши — драматик.
Ҳар бир киши — ё тақдир, ё синов.
Ёнишни ўрганасиз, лекин ёниб кетишдан қўрқмайсиз.

Сўнг ишлар келади:
Ишлайсиз, югурасиз, қоқиласиз —
Ичи бўш, маъносиз шошқалоқлик.
Нега? Ким учун? Кайфиятинг қанақа? — деган саволларга жавоб йўқ.
Фақат югурасиз, югурасиз, югурасиз.
Пул. Ҳурмат. Рақобат. Ўзингизни исботлаш.
Нега исботлаяпсиз — билмайсиз. Кимга исботлаяпсиз — у ҳам аниқ эмас.

Лекин бир кун…
Инсонда нимадир «шиқ» этиб ўзгаради. Ҳаёт аста-секин сиздан кераксиз нарсаларни ажратади.
Онг эмас — қалб.
Қалб сўрайди: “Эй, буларнинг қайси бири сенсан ўзи?”
Шунда ҳаёт ўзининг ҳақиқий юзини кўрсата бошлайди.
Шовқинлар секин тўхтайди. Югуришлар тўхтайди. Юзлар, роллар, кераксиз ташвишлар — парча-парча бўлиб тўкилади.

Ва сиз, бир куни, бир оз тин олиб, ёлғиз ҳолда осмонга қарайсиз.
Тинч. Оддий. Сўзсиз. Лекин ўзгача яқин.
Сиз ўша дарахтларни кўрасиз — аввал ҳам кўргансиз, лекин ҳеч қачон шундай сезмагансиз.
Шамол — энди муздек эмас, руҳингни уйғотувчи.
Қушлар — шовқин эмас, сўзсиз дуо.
Осмон — катта. Денгиз - чексиз. Сиз — кичик. Лекин ўша катталик ичида сизинг ҳам ўрнингиз борлигини ҳис қиласиз.

Шунда тушуниб етасиз:
Яратган нақадар буюк зот эканки — бунақа осмонни, бунақа дарахтларни, бунақа хотиржамликни ва сизни бор қилиб яратган.
Қанча овозлар ичида — сизни. Қанча юзлар ичида — қалби бор қилиб.
Чуқур нафас олиб ҳамд айтасиз!

Ҳаётимизнинг энг гўзал палласи — “тушуниб яшай бошлаган” палла.
У қачон келади?
Юрак тўхтаганда эмас — югуриш тўхтаганда ва хис этиш бошланганда.

✍️ Umid Hudoyberdiev|Online