← Барча мақолалар

Инсон ҳаётида энг оғир юклардан бири — сохта юз. Яъни, ўзини бошқа қиёфада кўрсатиш…

· 1 дақиқа ўқиш

Инсон ҳаётида энг оғир юклардан бири — сохта юз. Яъни, ўзини бошқа қиёфада кўрсатиш, дилида бўлмаганни сўзига чиқариш, қалбида йўқ ҳиссиётни чеҳрасида намоён этиш.

Кўпчилик жамиятда “ниқоб” билан яшашни одат қилган: дўстлар олдида бир хил, раҳбарлар олдида иккинчи хил, оиласида учинчи хил қиёфада. Аммо бу ҳолат абадий давом этмайди. Чунки одам қанча тиришмасин, қалбининг ҳақиқий юзи бир кун албатта намоён бўлади. Зотан, виждонни чўнтакка солиб қўйиб бўлмайди.

Давомда эса инсон ўзи ҳам ўзига ёлғон гапира бошлайди. Аввал бошқалар учун яралган “қиёфа” сўнгра ўз ичида қабул қилина бошлайди. Шундай қилиб инсон ўзини ҳам алдайди, “мен шундайман” деган сохта эътиқодга тушиб қолади. Лекин қалб — бу айнан ниқоблар ўйинини қабул қилмайдиган олам. Унда ёлғон яшай олмайди. Ва бу қалбда риё иллатига жой бўлса, нафс уни бошқара бошлайди. Натижада инсон кўзга мўмин, лекин аслда гумроҳ ҳолатга тушиб қолади.

Иймон биздан самимият, ихлос, қалб поклигини сўрайди. Аллоҳ таоло инсоннинг ташқи кўринишига эмас, қалби ва амалларига назар солади. Шунинг учун инсофли киши фақат Аллоҳ учун яшайди, унга кўринади, унга ҳисоб беради.

Ниқоб эмас, ҳақиқат билан яшайлик — нафсга эмас, ҳаққа суянайлик.

✍️ Umid Hudoyberdiev|Online