Ҳар бир инсон ёнида самимий дўст бўлишини истайди, аммо ўзи дўст бўлишга тайёрми?

Бугунги кунда жамиятда “эга бўлиш” истаги “бўлиш” масъулиятидан устун келмоқда. “Бола кўришни истайман” деган сўзда меҳрдан кўра мулкчилик туйғуси сезилади, “эрим бўлишини истайман” деган иборада эса муҳаббатдан кўра эгалик руҳи кўпроқ. Инсон ўз сўзларида нимага эргашишини ифода этади: у ким учундир яшайдими ёки кимдир унга яшаш учун керакми?
Мусулмон инсоннинг мақоми — ўзгаларга фойда келтирувчи шахс бўлишдир. «Инсонларнинг энг яхшиси — бошқаларга фойда келтирадиганидир» (Ҳадис).
Фақат олишни истаган инсон зоҳирда кўп нарсага эга бўлиши мумкин, аммо қалбида бўшлиқ қолади. У бир умр “менга” деб яшайди, “мендан” деб эмас. Ҳаётда бардошли, вафоли, садоқатли бўлиш — бу “эга” эмас, “бўлиш” санъати.
Эга бўлиш истаги охир-оқибат ёлғизликка олиб келади. Чунки мол, одамлар, лавозимлар — барчаси вақтинчаликдир. Инсон ўз ҳақиқий қимматини эгалик қилиб турган нарсалари билан эмас, балки Аллоҳ йўлида нималарни бергани билан топади.
Иш топишни истайман! - Яхши ишчи бўлишга тайёрмисиз?
Ўйланишни истайман! - Муносиб эр бўлишга тайёрмисиз.
Раҳбар бўлишни истайман! - Масъулият олиш ва ўрнак бўла оласизми?
Кўплар бой бўлишни истайди. Бой бўлишга тайёрмисиз? Ҳақиқий бой ҳимматлик бўлади. Ҳимматга, бағрикенглик ва қўли очиқликка тайёрмисиз? Ёки яна битта бахил бой пайдо бўлиши керакми? Кенгликка, ўртоқлашишга ва улашишга тайёрмисиз…
Ҳақиқий бойлик — берганингиздир.
“Менга ким керак?” деган савол ўрнига, “Мен ким учун керакман?” деган савол инсонни қалбан улғайтиради.