Жамиятда турли фикрларга тоқатли бўлиш, уларни ҳурмат қилиш ва турли қарашларга очиқ…

Жамиятда турли фикрларга тоқатли бўлиш, уларни ҳурмат қилиш ва турли қарашларга очиқ бўлиш жамиятнинг тараққиёти ва инновацияларнинг ривожланиши учун асосий пойдевор ҳисобланади.
Турлича фикрларга тоқатли жамият (инакомыслие) бу — инсонларнинг ҳар хил фикр ва қарашларга эга бўлиши, уларни ўз нуқтаи назаридан туриб ўрганиши, сабр ва мулоҳаза қила олиши демакдир. Бу ҳолат жамиятга янги ғоялар, янги ечимлар ва янги имкониятларни тақдим этади.
Толерантлик эса, бошқаларнинг фикрини, танловини, қарашини, ишончи ва қадриятларини ҳурмат қилишни англатади. Ҳар бир инсон ўзига хос ва унинг ўзига хослиги жамият учун катта бойликдир. Ҳар хил фикрлар ва ёндашувлар бирлашган жамиятда инновациялар тезроқ ривожланади, чунки турли қарашлар ўзаро муаммоларга янги ечимлар яратишга ёрдам беради.
Исломнинг “Олтин асри” бунинг ажойиб мисолидир. IX—XII асрларда Бағдоддаги “Ҳикмат уйи” (Байт ал-Ҳикма) дунёдаги энг йирик илмий марказлардан бири бўлган. Бу ерда турли миллат ва дин вакиллари — мусулмонлар билан елкама-елка - биргаликда ишлаб, астрономия, математика, тиббиёт ва фалсафа соҳаларида катта ютуқларга эришган. Масалан, ал-Хоразмий алгебра фанини асослаб берган бўлса, Ибн Сино тиббиётда шоҳ асарларни яратган. Уларнинг асарлари кейинчалик Европада Ренессанс даврида ҳам муҳим илмий манба бўлиб хизмат қилган.
Ҳозирда эса, дунёдаги энг ривожланган компаниялардан бири - айланмаси давлатларга тенг бўлган Google ҳам худди шу тарзда ишлайди. Улар ўз ходимларининг турли фикр ва ғояларини бирлаштириб, миллионлаб инсонларга манфаат келтирадиган инновацион ечимлар ишлаб чиқади. Бу эса, ҳеч кимнинг фикри камситилмайдиган муҳитда мумкин бўлади.
Шундай экан, биз ҳам турли фикрларга очиқ бўлиб, янгича ёндашувларни қўллаб-қувватласак, ўз ҳаётимизда, жамоамизда ва жамиятимизда катта ўзгаришларга эришамиз. Ҳар бир инсон ўз нуқтаи назарини билдиришга ҳақли ва уни тинглашдан биз фақат фойда топамиз.
Турли қарашларга очиқ бўлиш орқали ўз салоҳиятингизни очинг ва ҳаётингизни янги чўққиларга олиб чиқинг!
Эслаб қолинг, фикрлар хилма-хиллиги — ривожланишнинг калитидир.