← Барча мақолалар

Бир челак сув билан тиканни ҳам, райҳонни ҳам суғориш мумкин.

· 1 дақиқа ўқиш

Сув ташиш меҳнати бир хил, кетадиган вақт ҳам айнан ўхшаш. Фарқи фақат олинадиган ҳосилда.

Инсонларга муносабатимиз ҳам худди шундай.

Бировни танқид қилиш, камчилигини юзига солиш ёки қовоқ уюб туриш учун қанча қувват сарфласангиз, жилмайиб, бир оғиз ширин сўз билан далда бериш учун ҳам айнан шунча энергия кетади. “Сиз” ҳам “Сен” ҳам битта оғиздан чиқади. Биз негадир қўполликни ёки бефарқликни осонроқ деб ўйлаймиз. Аслида эса, иккисининг ҳам "нархи" бир хил.

Оғир кунида яқинингизни айблаш учун беш дақиқа вақтингиз кетади.
"Ёнингдаман, ҳаммаси яхши бўлади" дейиш учун ҳам ўша беш дақиқа сарфланади.

Қалбни вайрон қилиш ҳам, унга умид бериш ҳам фақат танловга боғлиқ. Ҳар икки ҳолатда ҳам мия ва тана бир хил ресурс сарфлайди.

Бугун кимгадир муносабат билдиришдаг олдин ўзингиздан сўранг: қўлимдаги сувни тиканга қуйяпманми ёки райҳонга?

✍️ Umid Hudoyberdiev|Online