← Барча мақолалар

Оиладаги тўнғич фарзандлар ҳақида бир қизиқ қонуният бор: дунё етакчилари, сиёсатчилар ва…

· 2 дақиқа ўқиш

Оиладаги тўнғич фарзандлар ҳақида бир қизиқ қонуният бор: дунё етакчилари, сиёсатчилар ва илмий элита орасида уларнинг улуши сезиларли даражада юқори. Масалан, АҚШ президентларининг қарийб ярми (53%) тўнғич бўлгани статистик жиҳатдан қайд этилган. Турли психологик таҳлилларда NASA астронавтлари (93%) ва нуфузли Гарвард университети талабалари орасида ҳам (80%) тўнғичлар улуши устун экани таъкидланади. Бу тасодиф эмас, балки оила ичидаги роль ва масъулият тақсимоти билан боғлиқ ижтимоий-психологик феномендир.

Тўнғич фарзанд, одатда, ота-онанинг биринчи тажрибаси, биринчи умиди ва биринчи масъулиятидир. Унга нисбатан талаб юқори, назорат кучли, интизом қатъийроқ бўлади. Шу сабабли у эрта ёшданоқ жавобгарлик, етакчилик ва ўзини тута билиш кўникмаларини шакллантиради. Илмий тадқиқотларда тўнғичларда ўртача интеллектуал кўрсаткичлар бироз юқорироқ бўлиши қайд этилгани ҳам бежиз эмас - чунки ота-она эътибори ва интеллектуал мулоқот аввало унга қаратилади.

Бироқ туғилиш тартиби тақдирни белгилайдиган мутлақ омил эмас. Кенжа ёки ўртанча фарзандларда ҳам бошқа кучли жиҳатлар шаклланади: ижодкорлик, мослашувчанлик, рақобатбардошлик, мустақил фикрлаш қобилияти. Оила ичидаги ҳар бир позиция инсон характерига ўзига хос ранг беради. Муҳит, тарбия, шахсий интилиш ва меҳнат эса барчасидан устундир.

Шу нуқтада энг муҳим савол туғилади: сиз ўз позициянгизни қандай имкониятга айлантиряпсиз? Агар тўнғич бўлсангиз, масъулиятни оғир юк эмас, етакчилик мактаби сифатида қабул қилинг. Агар тўнғич эмас бўлсангиз, ўзингиздаги эркин фикр ва ташаббускорликни кучайтиринг. Туғилиш тартиби — бошланғич шароит, аммо инсоннинг ҳақиқий қадри унинг онгли танлови ва амалий ҳаракати билан белгиланади.

✍️ Umid Hudoyberdiev|Online