Ит ҳурар, карвон ўтар…

Баъзан инсон ҳаётида курашнинг ўзи мақсадга айланиб қолади. Ҳар бир гапга жавоб қайтариш, ҳар бир эътирозга мосланиш, майда баҳсларга киришиш — қувватни сарфлаб қўяди. Вақт ўтиб англадим: ҳақиқий куч — ҳар куни курашишда эмас, балки қайси урушдан воз кечишни билишдадир.
Мен олдин кўп нарса учун курашар эдим: бўш гап-сўзларга эътибор қаратиш, норозиларни “ўрнига қўйиш”, ҳамманинг кўнглини олишга уриниш. Кейин тушундим: бу курашлар фойда бермайди — ақлни натижадан чалғитади, эътиборни йўқотади, кун тартибини издан чиқаради, қалб хотиржамлигини йўқотади.
Майда урушлар катта ғалабаларга йўл бермайди. Айрим курашлардан чекиниш — заифлик эмас, ақл ва донолик белгисидир. Ақлли инсон ўз қувватини арзимаган баҳсларга эмас, мақсад ва натижага сарфлайди. Руҳий майдонда доимий беллашиш баракани камайтиради; ниятини соф тутган ва вақтини қадрлаган инсон эса олға боради.
Шунинг учун мен қуйидагилардан воз кечдим:
— мен ҳақимдаги гап сўз ва бемаъни гапларни “исботлаш”дан;
— қариндош-уруғ ичидаги майда тортишувлардан;
— муҳаббат, ҳурмат ва эътиборни илтижо қилиб “сўраш”дан;
— беодоблар билан “ҳуқуқ талашиш”дан;
— ҳамманинг кўнглини топишни мақсад қилишдан.
Мен курашни тўхтатмадим — унинг йўналишини ўзгартирдим. Энди мен:
— ўз миссиям учун курашаман;
— орзуларим учун ҳалол меҳнат қиламан;
— ғояларимни тарбия қиламан;
— тақдирим учун масъулият оламан.
Мен тушундим: менинг йўлим — ўзимни бошқаларга исботлаш эмас. Менинг вазифам — Аллоҳ берган умрни беҳуда инсонлар билан эмас, эзгу ният ва амал билан тўлдириш. Сабр ва таваккул билан қадрли ишга бел боғлаш — ҳар қандай бахсдан юксакроқдир.
Ҳар бир инсонда танлов бор: майда жанговар ҳаётми ёки мазмунли, мақсадли ҳаётми. Вақтингизни “ким нима деди”га эмас, “ким бўлишни истайман”га сарфланг. Баъзи курашлар сизнинг эмас — мақсадингизга арзийдиган йўл ва ҳамроҳ танланг. Ниятни соф тутинг, қадамни қатъий қўйинг, барака ишга қўшилиб келади.
Матн бошида келтирилган ўзбек ҳалқ мақолига кўра - сиз ҳар бир эътирозга ит бўлиб барчага ҳуриб ўзингизга эхтибор жалб қилиб яшашни истайсизми ёки мақсадини аниқ кўзлайдиган ҳар қадами мақсад сари яқинлаштирадиган оғир карвон каби бўлишни истайсизми.
Танлов сиздан…
Фикр мулоҳазаларингизни ва бу матндан нима тушунганингизни комментрийларда ёзиб қолдиринг. барчамизга фойдали бўлади.