← Барча мақолалар

Бир лаҳзалик роҳат — узоқ муддатли йўқотиш

· 2 дақиқа ўқиш

Бир лаҳзача роҳат ёки кўтаринкилик берадиган воситалар — спиртли ичимликлар, тамаки маҳсулотлари, психотроп моддалар (таблеткалар), гиёҳванд воситалар — барчаси бир лаҳзача (роҳат) кайф эвазига нима олади деб ўйлайсиз? Соғлиқми? Асабми? Ёки бошқа нима?

Буларнинг ҳаммаси қисман тўғри. Лекин улар бир лаҳза роҳат эвазига инсоннинг энг муҳим органларидан бири — мия ҳужайраларига зарар етказади ва уларни ўлдиради. Мияда ҳужайра кўп, деб ўйлаш мумкин; аммо инсон бу дунёда ўзини топиб, нега яралганини ва шахсий миссиясини тушунганда, бу миссияни бажариш учун миянинг тўлақонлилиги ва функционаллиги зарур бўлади.

Асосий ҳақиқат янада чуқурроқ: улар мия ҳужайраларини йўқотиш орқали кайф ҳосил қилади.

Нейробиология тадқиқотлари кўрсатадики, спирт ва гиёҳванд моддалар нейрон апоптози (ҳужайранинг эрта ўлиши)ни тезлаштиради. Масалан, алкоголь суиистеъмол қилинганда миядаги гиппокамп қисмида ҳужайралар сони камаяди, бу эса хотира ва қарор қабул қилиш қобилиятига тўғридан-тўғри таъсир қилади. Никотин дофамин тизимини сунъий равишда ҳаддан ташқари фаоллаштиради. Натижада табиий «қувонч» механизмлари ишдан чиқади ва инсон ҳақиқий ҳаётдан лаззат олиш қобилиятини йўқотади.

Расмда соғлом 43 ёшлик инсон бир тарафда, ҳамда спиртлик ичимлик истеъмолига ружу қўйган инсон мияси таҳлили фарқи кўрсатилган.

Балки сиз ҳозирча бу дунёда нега, бундай холатда ва шаклда яратилганингизни тушунмагансиз. Лекин шу ҳикматга етгунингизча, сизга берилган омонат — танангиз ва унинг ажралмас қисми: мияни бузишга шошилманг. Ана шу омонатни сақлаш — ҳақиқий масъулиятдир. Қисқа енгиллик ва роҳат учун алмашинув эса сизга жуда қимматга тушаётганини ҳис этинг!

Сизга натижада қимматга тушадиган алмашинувлардан келажагингиз ҳисобига воз кечинг!

Тарқатинг!

✍️ Umid Hudoyberdiev|Online