← Барча мақолалар

Соддалик ниқоби остидаги манманлик

· 1 дақиқа ўқиш

Ҳаётда шундай одамлар учрайдики, улар ўз билимсизлиги, тарбиясизлиги ёки маданиятсизлигини “мен содда одамман”, “фалсафа керак эмас”, “мен шунча йил шу йўлда яшадим” каби сўзлар билан оқлашга уриниб, ўзлари қабул қилолмаган инсонларга нисбатан душманлик билан қарашади.

Улар ақллидан — хавотирда, билимлидан — зада, покизадан — безор. Чунки уларнинг қалбида яширин бир ҳис бор: мен ҳам шундай бўлишим мумкин эди, лекин бўлмадим. Ва энди буни тан олиш ўрнига, бошқаларни камситиш, уларга қарши пичинг сўзлар орқали ҳужум қилишни афзал кўради.

Соддалик — фазилат, аммо ахлоқсизликни, билимсизликни ёпиш учун эмас. Ҳақиқий содда инсон — қалбида пок, тилида ҳақ, кўнглида меҳр бўлади. У ўрганишдан, тушунишдан, ва эътироф этишдан қочмайди.

Агар содда бўлмоқчи бўлсангиз — аввало самимий бўлинг. Зулматни ёритадиган нур — тан олиш ва ўз устида ишлашдир.

✍️ Umid Hudoyberdiev|Online