393-ҳижрий санада вафот этган фақиҳ Абу Исҳоқ Шерозий раҳимаҳуллоҳ шундай дейдилар: "Бир…
393-ҳижрий санада вафот этган фақиҳ Абу Исҳоқ Шерозий раҳимаҳуллоҳ шундай дейдилар: "Бир марта тунни отам билан бедор ўтказдим. Ён-атрофдагилар чуқур уйқуда эди. Отамга айтдим: "Анавиларнинг ичида туриб, икки ракат намоз ўқийдиган одам йўқмикан?!".
Шунда отам менга шундай танбеҳ бердилар: "Эй ўғлим! Халқни айблаганингдан кўра ухлаганинг яхши эди. Сенинг тўғри йўлда эканинг бошқанинг адашувини масхара қилиш ҳуқуқини бермайди. Осий-гуноҳкорга тепадан туриб қарама! Қалблар Раҳмон бармоқлари орасида, уларни хоҳлаганича тўнтариб-айлантиради.
Аллоҳ таоло сени ҳидоят йўлига танлаган пайтида, сендаги ўзига хослик ёки тоатинг сабаб танламаган. Балки Ундан бўлган Раҳмат сени қамраб олган. У буни хоҳлаган лаҳзада сендан олиб қўйиши мумкин.
Шу сабаб амалинг ва ибодатинг билан ғурурланма! Унинг йўлидан адашган кишига менсимасдан қарама! Агар сенга Аллоҳнинг раҳмати бўлмаганида, сен унинг ўрнида бўлардинг.
Истиқомат (тоатда яшаш)да собитлигингни ўзингнинг шахсий ютуғинг деб асло ўйлама! Аллоҳ башарнинг яхшиси Пайғамбарига: "Агар биз сени собит қилмаганимизда, батаҳқиқ уларга бироз бўлса-да, мойил бўлишингга оз қолар эди" ("Исро", сураси, 74-оят), деган бўлса, сен ким бўлибсан?!".
Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ айтадилар: "Салафлар ибодатни рўзада ё намозда эмас, балки одамларнинг обрўсини тўкишдан тийилишда кўрганлар. Кечаси қойим ва кундузи сойим киши агар тилини эҳтиёт қилмаса, қиёматда синган (банкрот)лардан бўлади".
Тафаккур қилинг!