← Барча мақолалар

Бахтли фарзанд — бу натижа эмас масъулият. Агар фарзандингиз бахтли бўлишини истасангиз…

· 2 дақиқа ўқиш

Бахтли фарзанд — бу натижа эмас масъулият. Агар фарзандингиз бахтли бўлишини истасангиз, биринчи қадам — ўзингизни бахтли қилиш. Бу ғурур эмас. Бу масъулият.

Сиз нима ўргатсангиз, фарзанд шунга қараб улғаяди. Агар сиз ўзингизни доим қурбон қилувчи, чарчаган, ҳаётдан норози инсон сифатида кўрсатсангиз — у шуни «нормал ҳаёт» деб қабул қилади. Агар сиз ўзингизни қадрласангиз, саломатлигингизга, кўнглингизга, руҳиятингизга, ҳисларингизга эътибор берсангиз — фарзандингиз ҳам шуни ўрганади.

Ота-онага ғамхўрлик — бу фақат дори олиб келиш ёки маслаҳат сўраб қўнғироқ қилиш эмас. Энг чуқур ғамхўрлик — бу уларнинг хотиржам бўлишига сабабчи бўлиш. Агар фарзанд ўзини тартибга солса, яхши инсонга айланса, ҳаётини яхши йўлга қўйса — ота-онанинг юраги тинч бўлади. Бу эса энг гўзал ғамхўрлик.

Фарзанд ўз ҳаётига жиддий ёндашганда, вақтини зое қилмай, қалбини соғлом сақлаб, доим яхшиликка интилиб яшаганида — у нафақат ўз бахтини яратади, балки ота-онасининг бахтини ҳам кафолатлаб беради.

Шунинг учун, агар фарзандингиз бахтли бўлишини хоҳласангиз — бугун ўзингиздан бошланг.
Ўзингизни тузатинг. Руҳий ҳолатингизни, оилангиздаги муҳитни, ҳаётингизнинг мақсадини қайта кўриб чиқинг.

Фарзандингизнинг эртанги куни бугунги ўзгаришингизга боғлиқ.

Бугундан бошлаб ҳаётингиздаги битта зарарли одатни тўхтатинг. Бир вақтда битта яхшиликни жорий этинг. Сиз бахтли бўлишни танласангиз — фарзандингиз ҳам шу йўлдан боради.

Сиз ўзингиздаги нурни ёқмасангиз — фарзанд қаердан ёруғлик олсин?
Аллоҳ сизга қувват, тавфиқ ва қалбий ростлик ато этсин.

✍️ Umid Hudoyberdiev|Online