← Барча мақолалар

Инсон зоти табиатан турли-туман: бири оқ, бири қора; бири бой, бири камбағал; бири илмли…

· 1 дақиқа ўқиш

Инсон зоти табиатан турли-туман: бири оқ, бири қора; бири бой, бири камбағал; бири илмли, бири саводсиз; бири шаҳардан, бири қишлоқдан. Лекин ушбу фарқлар инсон қадрини белгиловчи асосий ўлчов эмас. Мен доим ҳар қандай кўринишда инсонни тоифалашга ва табақалашга қарши бўлганман.

Аслида, инсониятни минглаб тоифаларга бўлиш мумкин, лекин мен учун энг асосийси — икки хил тоифа бор: инсофли ва инсофсиз. Фақатгина шу икки тоифа, бошқаси эмас.

Инсофли киши ким бўлишидан қатъи назар, ҳар доим адолатли, меъёрни билиб иш тутадиган, ўзгаларнинг ҳаққини тан оладиган инсондир.

Инсофсиз эса, аксинча, ўз манфаатидан бошқани ўйламайди, золим бўлади, мурувватдан йироқ бўлади.

Умуминсоний мезон — бу инсоф.

Миллат, ранг, мол, мартаба эмас — инсонни инсон қилувчи энг улуғ сифат — бу инсофдир. Қалбимизда инсоф бўлса, жамиятда тинчлик, инсонлар орасида ўзаро ҳурмат барқарор бўлади. Инсоф — инсонийликнинг юксак даражасидир.

💬💬💬

✍️ Umid Hudoyberdiev|Online