Бир камбағал эркакнинг хотини ёғ тайёрлар, эри эса уни маҳаллий баққолга сотарди. Аёл…

Бир камбағал эркакнинг хотини ёғ тайёрлар, эри эса уни маҳаллий баққолга сотарди. Аёл ёққа бир килограмм оғирликдаги доира шаклини берарди. Бундан келган даромад оилага яхшигина ёрдам эди.
Аммо бир куни баққол унга ёғ сотаётган камбағалнинг ҳалоллигидан шубҳаланиб қолди ва сотиб олган ёғ доираларини тортиб кўришга аҳд қилди. Маълум бўлдики, уларнинг ҳар бири бир килограмм эмас, балки 900 грамм экан. Бу баққолни қаттиқ ғазаблантирди.
Эртаси куни эрталаб ўша камбағал яна дўконга келганда, баққол аччиқланиб деди:
- Менга бошқа ёғингни олиб келма! Барибир сендан ҳеч нарса сотиб олмайман, алдамчи! Сен менга доираларнинг оғирлиги бир килограмм деб айтган эдинг, аслида эса уларда 900 грамм бор экан. Мен ўзимни лақиллатишларига йўл қўймайман!
Бечора кўзлари хиралашиб, бошини эгди-да, деди:
- Бизда тарози йўқ, хўжайин... Сиздан сотиб олган бир килограмм шакар ҳамиша менга ўлчов бўлиб келган. Хотиним иккаламиз шунга қараб ёғ тайёрлар эдик...
⚡️⚡️⚡️⚡️⚡️⚡️⚡️⚡️
Инсонларга қандай кўз билан қарасангиз, сизга ҳам шу бурчакдан қарайдилар!
Ёдингизда тутинг, ўзингиз ишлатган ўлчов билан сизни ҳам ўлчашади!